Бугун депутатлар ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган қонун лойиҳаси муҳокама қилишмоқда. Унга кўра, Жиноят кодексининг 267-моддасига қўшимча киритиш назарда тутилган.

"Олиб борилган таҳлилларга кўра, сўнгги 3 йил мобайнида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари 65 фоизга ошган. Шу боис, транспорт воситасини олиб қочиш жинояти учун жазонинг содир этилган қилмишга мутаносиблигини таъминлаш, жиноят қонунчилигининг огоҳлантирувчи-профилактик функцияси самарадорлигини ошириш мақсадида Жиноят кодексига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда", дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шерзод Тўхташев.

Қонун лойиҳасига кўра, оғирлаштирувчи ҳолатларсиз автотранспорт воситасини олиб қочганлик учун 5 йилдан 10 йилгача (амалда – 3-5 йилгача), бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса 10 йилдан 15 йилгача (амалда – 5-10 йилгача), уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса 15 йилдан 20 йилгача (амалда – 10-15 йил) озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш кўзда тутилмоқда.

Манба: parliament.gov.uz