25 сентябрдан 3 октябргача Болгариянинг Бургас шаҳрида ўсмирлар ўртасида ушу бўйича 6-жаҳон чемпионати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда gazeta.uz.

Мусобақада 53 та давлатдан 800 спортчи иштирок этди. Мураббийлар Дилшод Бозоров ва Жамолиддин Салимжонов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси мусобақаларда 11 нафар спортчиларимиз билан қатнашди. Улардан 7 нафари таолу, 4 нафари саньда йўналишлари бўйича қатнашдилар. 

Ушу-таолу ушу бўйича машқлар мажмуаси бўлиб, якка тартибда гўёки соя билан, яъни хаёлий рақиб билан жанг қилаётганга ўхшаш бажарилади. Спортчилар бу йўналишда ушунинг турли услубларидаги ҳаракатлар ва акробатика элементларидан тузилган ҳаракатлар мажмуасини бажариш бўйича мусобақалашадилар. Бунда ҳаракатлар мураккаблиги, уларни бажариш аниқлиги, ижронинг саҳналаштирилганлиги баҳоланади. 

Саньда эса ҳимояловчи экипировкада эркин тарздаги алоқали жангдан иборат.

Мусобақа натижаларига кўра, Ўзбекистон вакиллари олтин ва бронза медалларини қўлга киритдилар. Юртдошимиз Дарья Латишова ёғоч билан машқлар мажмуасида энг яхши натижани кўрсатиб, совриндорлар шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилди, Азизбек Исроилов саньда йўналиши бўйича 3-ўринни эгаллади.

Ўзбекистонда ушу бўйича кўплаб клублар фаолият кўрсатади. Бизнинг спортчилар ушбу спорт тури бўйича охирги йиллар юқори кўрсаткичларга эришмоқдалар. Охирги икки йил ичида ўсмирлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпионатларида ёш ушучиларимиз 3 та олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритдилар.   

"Мен ушуни қизиқ, чиройли ва кўркам спорт тури бўлгани учун танлаганман. Бу спорт турида мени акробатик ҳаракатлар ва қуролга эгалик қилиш ўзига тортади. Ушуда барча жиҳатлар: зарба, куч, тезлик, мураккаб элементларни бажариш, чидамлилик ва шу билан бирга чирой мужассам бўлган", деб айтмоқда олтин медаль соҳиби Дарья Латишова.