АҚШ президентлиги учун Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп бир неча маротаба Америка бош прокурорларининг сайлов кампанияларига молиявий ҳадялар қилган. 

The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Трамп ва унинг оила аъзолари 1980 йиллардан бошлаб бош прокурорлар фойдасига маблағ ўтказиб келган. Нашрнинг ёзишича, ёрдам пуллари асосан, мулозимларнинг Трамп компаниялари ишига ўз таъсирини ўтказиши мумкин бўлган вақтларда ўтказилган. 

Жумладан, Трамп 2013 йили Флорида штати бош прокурори Пэм Бонди сайлов кампанияси жамғармасига 25 минг доллар ўтказган. Бу вақтда, бош прокурор «Трамп Университет»ига нисбатан илгари сурилган фирибгарлик айблови бўйича якуний хулосани чиқариши лозим бўлган. 

«Тадбиркор ва керакли одамларга сезиларли ҳадялар қилувчи инсон сифатида, сен уларга нималардир улашсанг, нимани хоҳлашингдан қатъи назар, барчасини муҳайё қилишларини яхши тушунаман. Тадбиркор сифатида бу нарса менга керак», —дея Трампнинг 2015 йилги интервьюсидан иқтибос келтиради газета. 

Нашрнинг қайд этишича, молиявий ҳадялар ҳисоботига кўра, бош прокурорлар ва бу лавозимга номзодлар 2001-2014 йилларда Трампдан умумий ҳисобда 140 минг долларга яқин ёрдам олишган бўлса, уларнинг айримлари ҳадяларни қайтаришган. 

Аввалроқ, Трамп тижорий фойда кўриш учун ҳар доим Америка солиқ қонунчилигидаги мавжуд имкониятлардан фойдаланишга уриниб келганини тан олган эди.