Корея Республикаси ҳукумати шу йилнинг тўртинчи чорагида миллий иқтисодиётга туртки бериш мақсадида яна 10 трлн вон (8,98 млрд доллар) маблағ киритишини эълон қилди. Бу ҳақда режалаштириш ва молия вазирлиги ахборотида сўз юритилган. 

"Ушбу маблағлар биринчи галда маҳаллий талаб ва корпоратив инвестицияларни кучайтиришга йўналтирилади, - дейилади ҳужжатда. – Жанубий Корея иқтисодиёти ҳамон истеъмолчилар талаби, экспорт ва ишлаб чиқаришга киритилаётган сармоя ҳажми борасида тебранишларни бошидан кечирмоқда. Унинг тикланиши эса, барқарор эмас".

Сентябрь ойида Жанубий Корея экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,9 фоизга қисқарган. Бунга автомобилсозлик саноати, жумладан Hyundai Motor компаниясидаги иш ташлашлар ҳам салбий таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, Samsung компаниясининг Galaxy Note 7 смартфонларини оммавий қайтариб олиши ҳам сабаб бўлган. 

Молия вазирлигига кўра, "мамлакат ҳукумати 2016 йилда ЯИМ ҳажми ўсишини 2,8 фоизга етказиш учун барча чорани кўради". 

ХВЖ прогнозига биноан, Корея республикасида бу йилги иқтисодий ўсиш 2,7 фоизни, 2017 йилда 3 фоизни ташкил этади.