Лондон автомобиль ҳалқа йўлида юк машинасининг музлатгич камерасида камида 15 нафар ноқонуний муҳожир аниқланди, деб хабар бермоқда Guardian нашри.

Полиция вакилининг айтишича, юк машинаси ҳайдовчиси машина юкхонасида қаттиқ тақиллаган овозни эшитгач, Clacket Lane ёқилғи қуйиш станциясида тўхтаган. Аниқланишича, юкхонага муҳожирлар яшириниб олишган бўлган. Воқеа жойига полициячилар келган. Машинада бўлган бир нафар ёш бола ва 14 нафар катта ёшлилар тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилганлар.

Полициячилар АЁҚШга асосий киришни ёпиб қўйишган. Воқеа юзасидан тергов бошланган.

Сентябрь охирида француз жандармлари ва қутқарувчилари Буюк Британияга етиб олмоқчи бўлган 7 нафар муҳожирни чорва озуқаси учун масаллиқ олиб кетаётган юк машинасидан чиқариб олишганди.

Францияда яшовчи ноқонуний муҳожирлар Ла-Манш орқали Буюк Британияга ўтиб олишнинг турли йўлларини қўллашади. Улар бу мақсадда кўпинча юк машинаси ва Франциянинг Кале шаҳри орқали ўтувчи ва Евротоннел орқали Лондонга борувчи поездлардан фойдаланишади.