Суриядан жами 6,5 млн киши, шу жумладан шифокорлар чиқиб кетганига қарамай, умуман тиббиёт ходимлари етишмовчилиги кузатилмаяпти. "Чегара билмас шифокорлар" ноҳукумат ташкилотининг гуманитар масалалар бўлими мудири Михил Хофман шундай маълумотлар билан ўртоқлашган.

"Қачонлардир, Сурия Яқин Шарқ мамлакатлари орасида соғлиқни сақлаш тизими энг тараққий этган давлатлардан бири эди…Эндиликда, орадан атиги 5 йил ўтиб, бу тизим барбод қилинди. Кўплаб шифокор ва ҳамширалар мамлакатни тарк этди. Суриядан умуман 6,5 млн киши кетган — албатта, биринчилардан бўлиб маълумотли, хусусан шифокорлар кетишди", — деган Хофман "Известия" газетасига берган интервьюсида. 

Унинг қайд этишича, Сурияда ҳар қадамда шифокор ёрдами зарур. Шу билан бирга, халқаро ташкилот ҳамма ерда ҳам ўз шифокорларининг ишлашига рухсат ола билмаган. Бунга Сурия ҳукумати билан келиша олмагани сабаб бўлган. 

Хофманнинг сўзларига кўра, "Чегара билмас шифокорлар" Ҳалабнинг ғарбида госпиталь оча олишмаяпти. Шунга қарамай, Суриянинг ҳукумат қўшинлари назоратидан бошқа ҳудудларида ташкилотнинг шифохоналари фаолият юритмоқда. 

"Биз билан бирга хорижга кетганлар — кўнгиллилар ташкилоти бўлганимиз сабабли, бошида 700–800 евро ойлик маош олиб туришади. Шифокорлар эса бир неча йиллар ҳамкорлик қилганларидан кейингина кўпи билан 1,5–2 минг доллар маош олишлари мумкин. Аммо аксар кўнгиллилар ярим йил-бир йил ишлайди", — деб ҳикоя қилган Хофман.

Бироқ, шундай бўлса-да, Хофманга кўра, шифокорлар етарли. "Аммо, фақат шифокорларнинг ўзи етарли бўлмайди. Ҳамширалар, ҳайдовчи ва бухгалтерлар ҳам керак. Биз асосан маҳаллий шифокорларни ёллашга ҳаракат қиламиз", — дея қўшимча қилган "Чегара билмас шифокорлар" ноҳукумат ташкилотининг гуманитар масалалар бўлими мудири Михил Хофман.