Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралаши 3-босқичидаги учинчи ўйинда Эронга ўз майдонида мағлуб бўлиши мухлисларнинг ғазабини келтирди.

Терма жамоа ўйинларига бефарқ бўлмаган мухлислар ўйин ҳали давом этаётганидаёқ ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида алоҳида ҳолда, шунингдек, хабарлар остига изоҳлар ёзиш орқали кескин норозиликларини ифода қила бошлашди.

Эронга қарши ўйинда рақиб дарвозасига бирон марта аниқ зарба берилмагани айниқса, мухлисларни қаттиқ ранжитган.

Уларнинг аксари биринчи навбатда бу вазиятда бош мураббий Самвел Бабаянни айбдор қилишмоқда ва у таркибни танлай олмаганини рўкач қилишмоқда.

Футбол журналисти Қаҳрамон Асланов Самвел Бабаяннинг ўйиндан кейинги матбуот анжумани вақтида Эронга қарши ўйинда Одил Аҳмедовнинг йўқлиги билиниб қолганини рўкач қилганига муносабат билдирган.

"Гап фақат Одилнинг йўқлигидами? 2012 йилда Японияда дублёрлар уйнаган. Эрон билан Тошкентда 5 киши ўйнамаган. Аммо ўйин сифатига путур етмаган. 

Бош мураббий имкон қадар номзодлар сонини ошириши ва ким ўйнасаям қандайдир ўйин сифати сақланиб қолиши керак. Бизда имкон қадар камайтирилган.

Бу дегани, ўйин сифати умуман йўқ, фақат ўша маълум ижрочиларнинг маҳоратига таянилиб келинаётганини англатади", деган у ўз твиттерида.

"Стадион" сайти муҳаррири Олимхўжа Бўронов ҳам вазиятга бефарқ қолмаган.

У "Бабаяннинг таркибию тактикаси рақиб мураббийлари тугул, футболга қизиқмайдиган киракашга ҳам ёд бўлиб кетгани"ни айтади.

Спорт журналисти Зафар Қосимов твити орқали терма жамоа мураббийи масаласида авваллари қатъийроқ бўлингани ҳақида эслатади.

Ашаддий мухлислар мураббийни олиб ташлашни сўрашмоқда.

Улардан бири терма жамоа бош мураббийини "Пахтакор"ни унута туришга ва таркиб танлашда барча имкониятлардан фойдаланишга чақирган. Твитда Хитой билан ўйинда ҳам муваффақиятсизликка учралса, миллий терма жамоанинг собиқ бош мураббийи, 2011 йили Осиё чемпионатида мухлисларни ғалабаларга сармаст қилган Вадим Карленович Абрамовни қайтариш таклиф қилинган.

Ушбу мухлиснинг сўзлари қуйидаги бир мисра билан якунлаган:

Яна бир мухлис эса Самвел Бабаянга жавоб бериш зарурати ҳақида қатъийроқ гапирган.

Таниқли журналист Хайрулла Ҳамидов эса яна ностальгияга берилган.

Шу билан бир қаторда қарама-қарши фикрлар билдирганлар, Эрондан мағлуб бўлишдан фожиа ясамасликни сўраганлар ҳам бор.

Твиттерчилардан бири Эрондан мағлубиятга қуйидаги сурат орқали изоҳ беради:

 Мағлубиятда фақат мураббийни эмас, терма жамоа футболчиларини ҳам жиддий айблашган.

Сайтнинг инстаграмдаги саҳифасида шу ўйин ҳақида берилган хабар остида ҳам аччиқ сўзлар битилган кўпдан-кўп изоҳлар қолдирилди.