Инсон ўз касбини топганда: «Андижон» клуби футболчилари пахта теримига чиқди

Спорт 07 Октябрь 2016 10758
Фото: CА

«Андижон» футбол клуби вилоятнинг Избоскан туманидаги пахта даласида пахта теримига чиқди.

Журналист Элмурот Эрматов бу ҳолатга киноя билан ёндашган. 

«Андижон» футболчилари пахтага чиқишибди. «Инсон ўз касбини топганда» деган рукн роса тўғри келади мана шу жойига», дея твит қолдирган у твиттердаги саҳифасида.

Жамоа матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ—2018 йўлидаги ўйинлари сабаб Олий Лигада кичик танаффус юзага келганидан фойдаланган «Андижон» клуби футболчилари, жамоа раҳбарияти, аёллар ва болалар жамоаларининг мураббийлари пахта йиғим-теримида иштирок этди.

«Бепоён далада клуб раҳбарияти, футболчилар ва ишчи ходимлар ёнма-ён меҳнат қилиб, юртимизнинг пахта хирмонига ўз улушларини қўшишди, деб ёзди жамоа матбуот хизмати. Хабарда, шунингдек, жамоанинг бир қатор аъзолари ҳаёти давомида биринчи бор пахта даласида кўриниш бергани келтириб ўтилган. Якунда эса натижа чакки бўлмади», дейилган хабарда.

Маълумот учун, ушбу андижонликлар жамоаси 16 клуб иштирок этадиган Олий Лигада сўнгги ўринни эгаллаб турибди.

Кўпроқ янгиликлар