Малайзия ҳукумати шу йилнинг апрель ойида Маврикий оролида топилган самолёт қолдиқлари ҳақиқатдан ҳам Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH370 рейсини амалга ошириш чоғида ғойиб бўлган Boeing 777 ҳаво кемасига тегишли эканини тасдиқлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилмоқда.

Австралия транспорт хавфсизлиги бошқармаси ўтказган экспертиза маълумотларига кўра, қолдиқлар самолёт қанотининг орқа қисмига тегишлидир. 

Аввалроқ, Танзания ва Реюньон оролида ҳам самолёт қолдиқлари топилгани хабар қилинган эди.

Бортида 227 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган Boeing 777-200 2014 йил 8 мартга ўтар кечаси радар экранларидан йўқолиб қолган эди. У, Куала-Лумпурдан MH370 рейси бўйича Пекинга парвозни амалга ошираётган бўлган. Самолёт билан алоқа бехосдан узилиб қолган, шундан сўнг, у билан нималар юз бергани номаълум.