Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Россия ММА иттифоқи президенти Фёдор Емельяненко Грознийда аралаш яккакураш бўйича ўтган мусобақани танқид қилиб, нотўғри иш қилганини айтди, деб хабар бермоқда "Р-Спорт". 4 октябрда ўтган кўргазмали мусобақада шунингдек Қодировнинг 3 ўғли ҳам иштирок этганди.

Жанглардан бирида Қодировнинг 10 ёшли катта ўғли Аҳмад Қодиров 14 сония ичида ўзининг рақибини нокаутга учратди. Чеченистон раҳбарининг яна икки ўғли – Али (9 ёш) ва Адам (8 ёш) мос равишда 35 ва 27 кг вазн тоифасидаги жангларда ғолиб бўлишди. Мусобақадан кейин Емельяненко ижтимоий тармоқларда болалар иштирокидаги жангларни кескин қоралаб, 12 ёшдан кичик болаларга умуман ММА қоидалари бўйича иштирок этиш тақиқланганини айтган. 

"Мен агар Фёдор Емельяненко ўз фикрларини Grand Prix Akhmat-2016 мусобақаси ва унинг аҳамияти ҳақидаги яхши сўзлар билан бошлаб, рус баҳодири ва ватанпарвари сифатида Чеченистонни бундай байрам билан табриклаб, ММА бўйича биринчи камар ўйналганини қайд қилиб, бир марта бўлса ҳам Чеченистонга келиб, биз мусобақаларни қандай ўтказишимиз ва спортни ривожлантиришимизни кўриб, сўнг мусобақа доирасида ўтказилган болаларнинг кўргазмали чиқишлари бўйича эътироз билдирганда уни тушунган бўлардим. Ҳозирги вазиятда унинг фикрлари аксинча бир қатор саволлар туғдирмоқда", деб изоҳ берган Рамзон Қодиров.       

Рамзон Қодиров Емельяненконинг бу ишидан норозилигини ва "рус баҳодирлари бундай йўл тутмасликлари кераклигини" қўшимча қилди.