Россиялик фуқаро Новосибирск шаҳридаги тинч жойлардан бирида, шаҳар тарихида илк бор, катталар учун болалар боғчасини очди. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

«Қизим жон-дили билан боғчага боради. Кунларнинг бирида дўстларимиз билан шу ҳақида гаплашиб қолдик. Биз ўзи қачон бахтли бўлганмиз? Бу анча олдин, болалик пайтларимизда бўлган экан. Шунда катталар учун болалар боғчаси очиш фикри туғилди», — деди лойиҳа муаллифи Евгений Пятковский.

Пятковскийнинг маълум қилишича, ушбу болалар боғчасига ташриф буюрувчиларга собиқ иттифоқ пайтидаги сингари анъанавий таомлар берилади. Шунга мувофиқ катта “боғча болаларига” тарбиячилар билан машғулотлар ўтказиш ҳам таклиф этилади. Ўн кишидан иборат гуруҳ аъзолари куйлашлари, пластилиндан нарсалар ясаши ва ижоднинг бошқа турлари билан шуғулланишлари мумкин бўлади.

Аниқлик киритилишича, ушбу болалар боғчасида бўлишнинг бир кунлик ҳақи 3 минг рубль. Ҳозирча ушбу лойиҳага 28 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркаклар ва 23 ёшдан 30 ёшгача бўлган аёллар қизиқиш билдиришган.