АҚШ президентлигига Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп ўз рақиби - Демократлар партияси вакили Ҳиллари Клинтонни 2 фоизга ортда қолдирмоқда. Rasmussen Reports компанияси томонидан ўтказилган жамоатчилик фикрини билишга қаратилган сўровнома шундан далолат бермоқда.  Бу ҳақида компания сайтида маълум қилинган. 

Манбага кўра, сўровнома иштирокчиларининг 43 фоизи Трампни,  41 фоизи эса Клинтонни қўллаб-қувватлади. 

Rasmussen Reports тадқиқотчиларининг қайд этишларича, минглаб америкаликлар ўртасидаги ижтимоий фикр сўровномаси АҚШ президентлигига икки партия номзодининг телевизион дебатидан кейин ўтказилган. 

Rasmussen Reports'нинг август ойи ўртасида ўтказган худди шу мазмундаги сўровномаси Трампнинг (39 фоизга қарши 41 фоиз кўрсаткич билан) Клинтондан ортда қолаётганини кўрсатганди.

Вице-президентликка номзодлар ўртасидаги дебатлар сешанба куни Виржиния штатидаги Лонгвуд университетида ўтказилди. Вице-президентликка Индиана штати губернатори Майк Пенснинг номзоди республикачи Дональд Трамп билан бирга, Виржиния сенатори Тим Кейн номзоди эса демократлар вакили Ҳиллари Клинтон билан бирга илгари сурилмоқда. 

Дебатлардан кейин Трамп Пенснинг ишончли ғалаба қозонганини маълум қилди. CNN телеканали ҳам ана шундай маълумот билан чиқди, унга кўра, 48 фоиз респондент республикачига, 42 фоизи эса демократга овоз берган. 

АҚШ президенти сайловлари жорий йилнинг 8 ноябрь куни бўлиб ўтади.