Зангиота туманидаги Гулистон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Маъруф Рустамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 70 сотих ерга иссиқхона қурди. Бу албатта хайрли иш. Бироқ у иссиқхонани иситишда жиноятга қўл уради. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида М.Рустамов аҳоли фойдаланадиган ўрта босимдаги газ қувурига ҳеч қандай рухсатсиз, ўзбошимчалик билан уланиб олади, газдан хўжасизларча фойдалана бошлайди. Иссиқхона бешта газ қозони орқали иситилиши натижасида халқ ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказилади. Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, М.Рустамов ўтган йилнинг ноябрь ойидан жорий йилнинг январь ойига қадар ноқонуний равишда табиий газдан фойдаланиб, тумангаз идорасига 50 млн. 542 минг сўмлик зарар етказган экан.

Қонунларимизга биноан жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида атрофлича кўриб чиқилиб, М.Рустамовга нисбатан тегишли жазо тайинланди.