«Краснодар» клуби хўжайини ва президенти Сергей Галицкийнинг баёнот беришича, жамоанинг янги ўйингоҳи ҳеч қачон ўзига сарфланган харажатларни қоплай олмайди. Унинг айтишича, стадионни қуришда аслида бундай мақсад кўзланмаган. 9 октябрь куни янги футбол аренасида Россия ва Коста-Рика миллий терма жамоалари ўртасида илк назорат учрашуви ўтказилади. 

«Жуда кўплаб ўйингоҳларни кўрганмиз, гўё қушлар учун қурилгандек, таассурот уйғотади. Улар юқоридан ажойиб кўринади, аммо ёнига борган чоғингизда ҳафсалангиз пир бўлади. Шу боисдан ҳам биз, стадионни қуришда бу жиҳатига ҳам эътибор қаратдик. 

Россия термаси ушбу ўйингоҳни очиб бериши бизни фахрлантиради. Ҳар ҳолда, биз бу ерда футбол ўйинларидан бошқа анжуманларни ўтказмасак керак. Халқаро ўйинларни ўтказишга даъво қилмаймиз. Аммо, таклифлар бўлса кўриб чиқамиз. Бизга, «Краснодар» ФК ва Россия термаси ўйнагани етади, аслида. 

Хоҳлардимки, ўйин эълони ҳар доим бўлса. Фақат топ жамоалар эмас, балки ҳар қандай жамоа билан ўйинга мухлислар келсин. Тўғри, 70 минг, 100 минг ва ундан ҳам кўп киши кетадиган стадион қурса бўларди. Аммо, биз 30 мингдан ортиқ сиғимли ўйингоҳни маъқул кўрдик. 

Харажатларни қоплашига тўхталадиган бўлсак, у ҳеч қачон қопланмайди. Бироқ, бу фақат стадион эмас, ахир. Бу шаҳардаги диққатга сазовор жойлардан бирига айланди. Мен фарзандларимиз ва невараларимиз стадион билан фахрланишини истардим. Харажатларни қоплаши борасида бундай мақсад қўйилмаган эди», — дея Галицкий сўзларини келтиради «Чемпионат.ру» сайти.  

Манба: Tribuna.Uz