Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг баёнотларига жавоб қайтарди. Керри Россиянинг Суриядаги «ҳарбий жиноятлари» юзасидан суриштирув ишларини бошлаш тўғрисида фикр юритган эди. Захарованинг сўзларига кўра, вазиятни бу тарзда кескинлаштириш, бундай ибораларни қўллаш хавфлидир, чунки биринчи галда ҳарбий жиноятлар ҳақида сўз борганда америкалик хусусида гапириш керак, дея хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги.

«Керрининг баёноти — тарғиботдир. Бу ибора ортида жуда жиддий ҳуқуқий оқибатлар турибди. Ўйлайманки, Керри буларнинг барини вазиятни кескинлаштириш мақсадида айтган. Агар, гап ҳарбий жиноятларга бориб тақаладиган бўлса, Америка вакиллари дастлаб Ироқдан бошлаши керак. Сўнгра, Ливияга ўтиш лозим. Ва албатта, Яманда ҳам нима бўлаётганини яхшилаб ўрганиш шарт. Айтмоқчиманки, ҳар нарсани гапиравериш хавфли, чунки Америка зиммасида ҳақиқатдан ҳам ҳарбий жиноятлар турибди», — деган дипломат.

Унинг қайд этишича, Вашингтон томони Суриядаги мажбуриятларини «шунчаки бажара олмаган». Захаровага кўра, АҚШнинг ўзи Сурия мухолифатига босим ўтказа олмаслигини Россияга маълум қилган. 

Бундан аввалроқ, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия ва Сурия ҳукуматларига нисбатан “суриялик тинч аҳоли вакилларига ҳужумлари учун ҳарбий жиноятларни содир этиш” ҳолати бўйича суриштирув ишларини бошлаш кераклигини айтган эди.