АҚШ президентлиги учун Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтоннинг баёнот беришича, Россиянинг кибержиноятлари ортида республикачилар партияси номзоди Трампни ғалабага олиб келиш ётади. 

Клинтон хонимнинг сўзларига кўра, ҳар бир америкалик Россиянинг Дональд Трамп президент бўлиши учун бу каби душманона ҳаракатларни хурсандчилик билан амалга оширишини яхши англаши керак. 

Ҳиллари Клинтон сайловолди кампанияси раҳбари Жон Подеста ҳам Россиянинг хакерлик хуружларига алоқадорлиги хусусида баёнот берган. Унинг фикрича, бундан кўзланган мақсад "АҚШ президентлик сайловларига халақит беришдир".

Аввалроқ, АҚШнинг Колорадо штати сенатори Кори Гарднер хакерлик ҳужумлари учун Россияга нисбатан санкциялар жорий қилишни таклиф қилган эди. У яқин орада шу мазмундаги қонун лойиҳасини Сенат муҳокамасига киритмоқчи.

Бундан ташқари, АҚШ Миллий хавсизлик агентлиги ва Америка разведкаси РФни АҚШ сиёсий институтлари сайтларини бузишда айблаган. Хусусан, Марказий Сайлов Комиссияси сайтига уюштирилган ҳужум, Россиянинг АҚШ сайлов жараёнига таъсир этиш истаги билан изоҳланади.