Microsoft компанияси Paint дастурининг уч ўлчовли расмлар чизиш имкониятини берувчи янги версиясини тайёрлади. Компания янги график муҳаррирни расман тақдим қилмади, бироқ Paint’нинг янги версияси тақдимоти видеоси WalkingCat томонидан твиттерда жойлаштирилди.

Тақдимотдан кўринишича, янги Paint’да икки ўлчовли объектларни чизиб, уларни махсус функция ёрдамида уч ўлчовли объектларга айлантириш мумкин. Шунингдек, дастурда бевосита уч ўлчовли жисмлар устида чизиш имконини берадиган асбоб ҳамда бошқа фойдаланувчилар томонидан яратилган жисмларни олиш мумкин бўлади. Янги Paint чиқиши санаси маълум қилинмаган.

Microsoft Paint дастури Windows операцион тизимининг барча версиялари таркибига киритилган. Жуда қулай бўлган бу дастур операцион тизим билан тақдим қилинадиган энг оммабоп дастурлардан бири ҳисобланади.