1974 йилда Наманган шаҳрида туғилган Исмоил Шамситдинов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзига ишониб топширилган масъулиятли вазифани суиистеъмол қилиб, порахўрликдек жирканч иллатга қўл урди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.

Исмоил Шамситдинов 2008 йилдан 2011 йилгача ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда фаолият олиб борган. У иш фаолияти давомида турли шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктиради ва тамагирлик йўли билан фуқароларни алдайди. Хусусан, Наманган вилояти ИИБ хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими, паспорт-виза назорати ва чегараолди ҳудудларида яшашга рухсат бериш бўлинмасида ишлаб, фуқаро Ибодат Расуловадан пул тама қилади. Жиноий гуруҳ ( ишга И.Шамситдиновнинг шериги И.Расулова ҳам аралашади) шу йўл билан ундан 100 АҚШ доллари, 100 минг сўм пулни пора сифатида тамагирлик қилиб олади.

Тергов жараёнида бу шахснинг бошқа қилмишлари ҳам ошкор бўлди. И.Шамситдинов Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижий давлатларга чиқишларига рухсатнома бериш учун 2010 йил 1 сентябрдан 2011 йил 1 майгача бўлган даврда 6029 нафар фуқародан ундирилган 146 млн. 333 минг сўм тўловларининг 140 млн. 462 минг сўмини банкка топшириб, қолган 5 млн. 871 минг сўмини ўзлаштириб юборган экан. У 59 та ҳолатда фуқаронинг хорижга чиқиш учун салкам 1,5 млн. сўмлик давлат божи тўланганлиги ҳақидаги қвитанцияларга ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиб, ушбу маблағларни ҳам талон-тарож қилади.

Суд И.Шамситдиновга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.