Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги пуллик хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобига сақланувчи койкалар фонди ва тиббиёт муассасаларининг ўтказувчанлик қувватини оширишни давом эттирмоқда. 2020 йилга қадар баъзи тиббиёт муассасалари тўлиқ ўзини молиялашга ўтади, деб хабар бермоқда Uzbekistan Today.

Пуллик хизмат ҳажмининг оширилиши ишга қўшимча мутахассисларни олиш ва муайян тоифадаги ходимларга иш ҳақини ошириш йўли билан тиббиёт муассасаларининг янада ривожланишига кўмак беради. Бўшаган маблағлар пуллик хизмат кўрсатиш ҳажми қисқартирилаётган муайян муассаса кўламида эмас, балки бутун соғлиқни сақлаш тизимида қайта тақсимланади.

Жумладан, 1- ва 2-сон республика клиник шифохоналари, республика офтальмология, тери-таносил шифохоналари, республика маслаҳат-ташхис ва стоматология поликлиникаларида пуллик хизмат кўрсатиш ҳажми 2020 йилгача бу муассасаларда барча кўрсатилаётган хизматнинг 80 фоизига, Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти ва Тошкент тиббиёт академиясида – 50 фоиз, Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти ва Тошкент давлат стоматология институти – 40 фоиз, Республика аллергология марказида, Республика ихтисослашган суяк-йиринг хасталиклари ва жароҳат оқибатларини даволаш илмий марказида 30 фоизига етади.

Шу билан бирга бу рўйхатдаги вилоят ва туман даражасидаги 140 та касалхона, жумладан катта ёшлилар учун барча стоматология поликлиникалари, ташхис марказлари, реабилитацион даволаш ва дезинфекцияловчи станциялар 100 фоиз ўзини молиялашга ўтади.