АҚШда президент лавозимига номзодлар Хиллари Клинтон ва Дональд Трамп ўртасидаги теледебатлар 260 кинотеатрда жонли тарзда кўрсатилади, деб хабар бермоқда Fox Carolina.

Таъкидланишича, ушбу кинотеатрлар тахминан 40 та штатда жойлашган.  

Кинотеатрларга кириш учун чипталар фақатгина уларнинг кассаларида сотилади.

Аввалроқ Трамп маслаҳатчилари миллиардернинг дебатларга етарлича тайёрмаслиги унинг рейтингларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирланаётганлари маълум қилинганди. 

Номзодлар орасидаги биринчи дебатларни 84 млн киши томоша қилган. Бу 1980 йилдан бери рекорд натижа бўлди.