Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Лю Цзеи БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг Сурия бўйича таклиф қилган резолюциясини маъқулламаганидан афсус билдирди. У бу ҳақда Хавфсизлик кенгашида айтиб ўтди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Хитой вакилининг фикрича, Москва тайёрлаган ҳужжатда Сурия ихтилофининг барча томонлари урушни тўхтатишга ва гуманитар карвонлар учун хавфсиз йўлларни очишга чақирилган.

Лю Цзеининг ўзи Россия таклиф қилган резолюцияни "тўлиқ ва мувозанатлашган", Франция таклиф қилган резолюцияни эса Суриянинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига нисбатан ҳурматсизлик деб ҳисоблашини айтди. Бу лойиҳада бир қатор давлатларнинг конструктив таклифлари ўз аксини топмаган, деб изоҳлади бу фикрини хитойлик дипломат.

Хитойнинг ўзи эса резолюция бўйича овоз беришда бетарафлик билдирган.