Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров "Биринчи" каналга берган интервьюсида Москва АҚШнинг "Жебхат ан-Нусра" билан кураш олиб бораётганига жиддий далилларни кўрмаётганини маълум қилди.

"Россия ҳарбий ҳаво кучлари (ҲҲК) Сурия ҳукумати таклифига биноан мамлакат ҳудудида ишлай бошлаганидан кейин ИШИДга аввалгидан-да кўпроқ зарбалар бермоқда. Парвозларнинг частота ва самарадорлигини ҳам таққослаб бўлмайди. Америка бомбардимончилари эса кўпинча ишлатилмай қолган қурол-аслаҳалар билан Инжирлик ва бошқа базаларга қайтишмоқда", - деди Лавров. 

ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, "ҳаттоки ИШИДга нисбатан йўлга қўйилган мана шундай "юмшоқ" режим ҳам АҚШнинг "Жабхат ан-Нусра"га умуман тегмаганлиги фонида етарлича интенсив туюларди". 

"Мен АҚШ давлат котиби Жон Керридан бу ерда террорчи ташкилотни сақлаб қолиш ва уни зарбалар остидан омон олиб чиқиш, кейин эса Сурия президенти Башар Асадни қулатишдек қандайдир яширин маъно бор ёки йўқлиги ҳақида сўрадим. У бундай эмаслиги, АҚШнинг террорчиларга қарши курашаётганини айтиб, қасам ичди", - дея давом этди ўз сўзида Лавров. 

Шунингдек Россия ташқи ишлар вазири АҚШ террорчи ташкилот раҳбарларидан бирининг етакчисини йўқ қилганлигини таъкидлади, лекин бундай ҳолат бир мартагина кузатилганини қўшимча қилди.