Лавров: Ғарб етакчилари Путинни танқид қилишда "кимўзарга" баҳслашишади

Жаҳон 09 Октябрь 2016 10647
Фото: © РИА Новости

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб мамлакатлари раҳбарларининг Владимир Путинга муносабати ҳақида гапира туриб, уларни россияликлар етакчисини танқид қилишда "кимўзарга" мусобақалашишда айблади.

"Ғарбдаги баъзи мамлакатларининг пойтахтларида Владимир Путинни ёмонлаш "яхши хулқ нормаси"га айланган. Улар Россия раҳбарини "кимўзарга" танқид қилишади", деган Лавров "Биринчи канал"нинг ("Первый канал") "Якшанба вақти" ("Воскресное Время") номли ахборий-таҳлилий дастури учун берган интервьюсида.

"Эҳтимол, бунга шахсий сабаблар бордир. Лекин мен бирон марта Россия Федерацияси президенти сифатида Владимир Путин ўз ҳамкасбларига шундай ҳурматсизлик қилганини эслай олмайман", дея қўшимча қилган вазир.

Бундан олдинроқ, АҚШ вице-президентлигига Демократлар партиясидан номзод ҳисобланадиган Тим Кейн Владимир Путинни "диктатор" деб атаганди.

Бу америкалик сиёсатчиларнинг Путин шаънига ҳақорат йўллаши бўйича ягона ҳолат эмас. АҚШ Молия вазирлиги вакили, Россияга қарши санкциялар билан шуғулланувчи Адам Шубин Россия президентини "коррупция ботқоғига ботган шахс" деб атаганди.

Украиналик сиёсатчилар ҳам бир неча марта ҳақорат ишлатишган. Украина ТИВнинг собиқ раҳбари Андрей Дешица 2014 йилнинг июнида Россиянинг Киевдаги элчихонаси ёнида тўпланган намойишчилар қаторида туриб, Путинга қаратилган ҳақоратли ҳайқириқларни айтганди.

Кўпроқ янгиликлар