АҚШ президентлиги учун сайловларнинг биринчи босқичида Республикачилар партиясидан номзод сифатида иштирок этган Тед Круз партиянинг якуний босқичига ўтган номзоди Дональд Трампни қўллаб-қувватлашдан воз кечиш ҳақида ўйламоқда. Бу ҳақда Америкадаги бир қанча манбаларда айтилган.

ABC News телеканали орқали Крузнинг ёрдамчиси "Сенатор Трампни қўллаб-қувватлаш масаласини қайта кўриб чиқмоқчи" экани ҳақида айтган.

Шунингдек, CNN телеканалида Круз "Трампни АҚШ президентлиги пойгасида қўллашни тўхтатиши" ҳақида хабар қилинган.

Крузнинг ўзи Трамп аралашиб қолган можарога твиттери орқали муносабат билдириб, миллиардернинг сўзларига "тоқат қилиб бўлмаслиги" ҳақида ёзган.

Бундан олдинроқ, Тед Круз "узоқ вақт давомида ўйлаб кўриб, сайловда Трампни қўллаб-қувватламоқчи экани" ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Washington Post нашри 7 октябрда Трампнинг иштирокидаги 2005 йилдаги видеони чоп этди. Трамп унда аёлларга тегажоқлик қилиши билан мақтанган.

Бу воқеалардан кейин Трампнинг нуфузи америкаликлар орасида кескин тушиб бормоқда.