Дастлаб узоқроқ танишининг муаммосини ҳал қилиб беришни ваъда қилган Сожида унинг 200 АҚШ долларини қўлга киритиб, “жиғилдон”ига уриб юборади. Кейинги сафар эса синглисининг ўғлини ишга олиб кириб қўяман деб 1500 АҚШ долларини ўзлаштиради. 2011 йилда қоп-қоп ваъда билан қўлга киритилган пулни қайтариш у ёқда турсин, ишга киритишни ҳам турли баҳоналар билан беш йил давомида ортга суриб келаверар эди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Унинг ўғли Шавкат Эшбоев ҳам онасидан сабоқ олиб, унинг ҳунарини давом эттиради. Уйланиш тараддудига тушган Шавкатнинг бир бош қўйни уйга етаклаб келганини кўрган она уни яна ўша чўпоннинг ёнига жўнатади. Чунки Шавкат Фатҳулла исмли чўпонни ўзини унга бой кўрсатиб, осонгина “тўри”га илинтирган эди. Нияти нопок онанинг ҳаракатлари зое кетмади. Шавкат содда чўпоннинг яна икки бош қўчқорини уйига етаклаб келиб, сотиб юборди. 2 миллион 800 минг сўмга баҳоланган қўйларнинг пули тўй ўтганидан кейин қайтарилиши керак эди. Аммо улар бундай қилишмайди.

Она ва ўғилнинг қилмишлари юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, судда кўриб чиқилди ва фирибгарларга қонуний жазо тайинланди.