9 октябрь, якшанба куни Сент-Луисда (Миссури штати) АҚШ президентлигига номзодлар - Республикачилар партияси вакили Дональд Трамп ва Демократлар вакиласи Ҳиллари Клинтон ўртасидаги теледебатларнинг иккинчи тури бўлиб ўтди. Номзодлар иштирокидаги дебатлар - АҚШдаги энг юқори рейтингли телекўрсатувлардан бири. Дебатларнинг боришини бутун дунё сиёсатчилари кузатишади. Forbes бу анъананинг қандай юзага келгани ва теледебатларнинг тарихда қолган энг ёрқин лавҳалари билан бўлишди. 

1960. Кеннеди — Никсон

Америкадаги биринчи телевизион канал 1928 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлса-да, партияларнинг асосий номзодлари иштирокидаги илк дебатлар телевидение орқали биринчи марта 1960 йилда намойиш қилинган. Дебатларда Массачусетс сенатори Жон Кеннеди ва ўша пайтдаги вице-президент Ричард Никсон иштирок этишган. Илк дебатлар ва сайловларда Жон Кеннеди ғолиб бўлган. 

1968. Никсон

1960 йилдаги дебатлар серияси хаста ва телеэфир учун саҳна гримидан воз кечган Никсон учун ҳалокатли келди. У 1968 йилда президентликка номзод сифатида яна саҳнага қайтганида, рақиби - вице-президент Ҳьюберт Ҳамфри билан дебатларда қатнашишдан воз кечган. Шундай бўлса-да, Никсон ўша йилги президентлик сайловларида ғолибликни қўлга киритган. 

1976. Картер-Форд

1968 йилда дебатлар ўтказилмаганидан кейин томошабинлар уларни 1976 йилга қадар кутишларига тўғри келган - ўшанда бўлғуси президент Жимми Картер амалдаги президент Жеральд Форд билан беллашган. Шундан буён президентлик дебатлари ҳар бир сайлов кампанияси вақтида ўтказиб келинади. 

1988. Дэн Куэйл — Ллойд Бентсен

1976 йилда вице-президентларнинг илк дебатлари бўлиб ўтган, уларнинг дебатлари 1984 йилдан бошлаб мунтазам ўтказиб борилган. Очиғини айтганда, томошабинлар вице-президентлар дебатларига катта қизиқиш билдиришмайди. Бироқ бир истисно мавжуд. 

1988 йилда вице-президентликка номзодлар -  Дэн Куэйл ва Ллойд Бентсен ўртасидаги дебатлар давомида Куэйл унинг тажрибаси собиқ президент Жек Кеннедининг тажрибасидан кам эмаслигини айтган. Бунга унинг рақиби Бентсен афоризмга айланган жумла билан жавоб қайтарган: "Сенатор, мен Жек Кеннеди билан ишлаганман. Мен Жек Кеннедини яқиндан билганман. Жек Кеннеди менинг дўстим бўлган. Сенатор, сиз Жек Кеннеди эмассиз". 

1980. Картер — Рейган

1980 йилда амалдаги президент Жимми Картер ва собиқ президент Рональд Рейган ўртасидаги дебатлар чоғида Рейган сайловчиларга қарата кейинчалик машҳур бўлиб кетган бир гапни айтади: "Сиз 4 йил аввалгига қараганда яхшироқ яшаяпсизми?" Бунга жавобан америкаликлар Рейганни яна икки муддатга президент этиб сайлашган. Ўшандан буён юқоридаги жумланинг турли вариациялари президентлик дебатларида кўп марта жаранглаган. 

1984. Рейган — Мондейл

Президентлик лавозимини эгаллаб турган Рейган 1984 йилда собиқ вице-президент Уолтер Мондейл билан иштирок этганида сайловчиларда Рейганнинг ёшига доир иккиланишлар бўлган. Баъзи сайловчилар 73 ёшли Рейганнинг президентлик учун кексалик қилишидан хавотирга тушишган. Бунга жавобан Рейган қуйидагича жавоб берган: "Мен ёшимни муҳокама учун мавзу қилмоқчи эмасман. Рақибимнинг ёшлиги ва етарлича тажрибасиз эканлигидан сиёсий мақсадларда фойдаланмоқчи ҳам эмасман", - деди Рейган. Унинг бу гапи ҳаттоки Мондейлни жилмайишга мажбур қилди. 
(Маълумот учун: ҳозирда Ҳиллари Клинтон 68 ёшда, Дональд Трамп эса - 70)

1988. Жорж Буш

Кўпчилик тўнғич Жорж Бушнинг "Лабларимга қараб ўқиб олинг: ҳеч қандай янги солиқлар!" жумласини президентлик дебатларида айтган, дея хато ўйлайди. У бу ваъдани Республикачилар партиясининг 1988 йилдаги миллий съездида берган, айнан шу съездда у президентликка номзод сифатида эътироф этилган. 

1992. Росс Перо — Жорж Буш — Билл Клинтон

1992 йилги дебатларда учинчи иштирокчи - мустақил номзод Росс Перо қатнашган. У амалдаги президент Жорж Буш ва Арканзас губернатори Билл Клинтон билан беллашган. Мазкур сайловларда Билл Клинтон ғолиб бўлган. 

 Ҳофстр Университети

Дебатларнинг биринчи босқичи бўлиб ўтган Ҳофстр Университети - кетма-кет 3 сайлов олди кампаниялари давомида президентлик дебатлари бўлиб ўтган ягона ўқув муассасаси. Иккинчи раунд Миссури штатида ўтказилди, учинчиси эса 19 октябрда Лас-Вегасда (Невада штати) бўлиб ўтади. 

2012. Барак Обама — Митт Ромни

Президентлик дебатлари орасида энг кўп рейтинг тўплагани 1980 йилда бўлиб ўтган Рейган — Картер дебатлари ҳисобланади, бу теледебатларни 80,2 миллион томошабин кузатган. Бироқ Nielsen таҳлил компаниясининг маълумотларига кўра, 2012 йилги президент Барак Обама ва Массачусетс губернатори Митт Ромни ўртасида бўлиб ўтган дебатлар машҳурроқ бўлган - уларни атиги 67,2 миллион индивидуал томошабин кузатган, улардан 46,2 миллион нафари уй хўжаликлари бўлган - бу 1980 йилги кўрсаткичлардан бироз юқорироқ (45,8 миллион).

Президентлик дебатлари бўйича комиссия

1987 йилдан буён дебатларни Commission on Presidential Debates (Президентлик дебатлари комиссияси) назорат қилиб келади. Айнан шу ташкилот дебатларнинг ўтказилиш жойлари ва модераторларни танлайди, шунингдек бўлиб ўтган дебатлар натижаларини чоп этади.  

Дебатлар ва технологиялар

2008 йилги дебатлар технология ҳаётимизни қандай ўзгартиришга қодирлигини намойиш этди. Ўшанда номзодларга YouTube ва Facebook орқали саволлар берилган. 2016 йилда YouTube ва  Twitter орқали дебатларнинг онлайн-трансляцияси бериб борилмоқда

Суратлар:  AP, REUTERS, ТАСС.