Шу кунларда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари томонидан парламент муҳокамасига бир қатор янги қонун лойиҳалари таклиф этилмоқда.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, депутатлар “Экологик экспертиза тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси устида ишлашмоқда.

Даставвал қўмита ҳузурида экспертлар гуруҳи тузилган. Ҳозирги вақтда ушбу ишчи гуруҳи қонун лойиҳасини дастлабки ўқишга тайёрлаш устида фаолият олиб бормоқда.

Маълумот учун, амалдаги “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2000 йилнинг 25 майида қабул қилинган ва табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини ривожлантирувчи ҳамда асосини ташкил этувчи қонунлардан бири сифатида намоён бўлган.

Ушбу қонуннинг 15 йил давомида амалиётда қўлланиши, давлат экологик эспертизасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш талабларининг бажарилишини таъминлашда бошқарув қарорларини қабул қилишнинг дастлабки босқичидаёқ баҳолаш имкониятини берувчи самарали усуллардан бири эканлигини кўрсатди.

Бироқ, шаҳарсозлик ва ер қонунчиликларидаги ўзгаришлар, Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуннинг қабул қилиниши ҳамда экологик соҳадаги техник регламентларнинг киритилиши давлат экологик экспертизаси объектларини ижтимоий-иқтисодий ва экологик шароитларга мослигини аниқлаштириш ва унга мослаштириш мақсадида ушбу соҳадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда.

"Экологик экспертизани амалга ошириш бобида давлат экологик экспертизасининг эксперти бўйича янги модда киритилиб, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, давлат экологик экспертизаси хулосасининг амал қилиш муддати ва унинг тўхтатилиши бўйича нормалар киритилмоқда. Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳаси экологик экспертиза соҳасидаги миллий ва халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф муҳитга ва аҳолининг саломатлигига салбий таъсирларни олдини олиш, экологик экспертиза ўтказишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқини кенгайтиришга, шунингдек жамоатчилик ва фуқароларнинг ролини оширишга қаратилгандир", деган қўмита аъзоси Хайрулла Гаппаров.