8 октябрь куни бўлиб ўтган RTA кимошди савдосида ҳиндистонлик ишбилармон Балвиндер Саҳани "D5" автомобиль рақамини 9 миллион долларга (33 миллион дирҳам) харид қилди. Бу ҳақида "UAE Inside" нашри хабар берди. 

Бундай ҳашаматли совғани ўзига раво кўрган киши БАА, Кувайт, Ҳиндистон ва АҚШ мамлакатларида кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи RSG International компаниясининг эгаси бўлиб чиқди.

Харидорнинг сўзларига кўра, у қимматбаҳо автомобиль рақамларини йиғишга қизиқади. Унинг коллекциясидан ҳар бири миллионлаб долларга баҳоланган 10 хил ноёб автомобиль рақамлари ўрин олган. Балвиндер Саҳани "D5" рақамини 9 рақамига бўлган муҳаббати туфайлигина сотиб олган (D — алифбонинг 4-ҳарфи). 

Манбага кўра, янги ноёб автомобиль рақамини ишбилармон ўзининг Rolls Royce'ига расмийлаштиради. Шуниси қизиқки, автомобилнинг ўзи унинг рақамидан бир неча баробар арзонроқ. 

Энг қиммат автомобиль рақамини қўлга киритиш бўйича мутлоқ рекорд натижа 2008 йилда Абу-Дабида қайд қилинган, ўшанда "1" машина рақами 52,2 миллион дирҳамга сотиб олинганди.