Франция президенти Франсуа Олланд россиялик ҳамкасби Владимир Путинни Сурия етакчиси Башар Асадни қўллаб-қувватламаслик кераклигига ишонтирмоқчи. У Россия давлат раҳбарининг Парижга ташрифи чоғида шуни режалаштирмоқда. Франсуа Олланд TMC телеканалига берган интервьюсида шу ҳақда сўз юритган.

«Мен ўзимга ўзим савол бераман, учрашув фойдали бўлармикан? Ўзи ўтказиш керакми? Босим ўтказса бўладими? Путин Сурия тузуми билан қилаётган ишини тўхтатишига эриша оламизми, яъни Асадга, ҳарбий ҳаво кучлари ёрдамида Ҳалабни бомбардимон қилиш билан қўллашига барҳам бердира оламизми?» — деган Франция раҳбари.

Олланднинг сўзларига кўра, агар учрашув ўтказилса, у Путинга Асадга ёрдам бериш «Россия обрўсига путур етказишини» айтади.

Француз етакчиси шунингдек, Ҳалаб шаҳридаги амалиётларни «ҳарбий жиноятлар» деб атаган. «Бу жиноятларни амалга ошираётганлар, хусусан Халқаро жиноят суди олдида жавоб бериши керак», — дея қўшимча қилган Олланд. 

Путиннинг 19 октябрда Парижга келиши ҳақида 16 сентябрда маълум бўлган эди.