Покистондаги нашр ўз ўқувчиларини Ўзбекистондаги президентлик сайлови ҳақида хабардор қилди

Ўзбекистон 10 Октябрь 2016 3429
Фото: «Anons.uz»

Покистонда нашр этиладиган “Dispatch News Desk” газетасининг веб-саҳифасида Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтадиган Президент сайловлари мавзусига бағишланган мақола эълон қилинди. Бу ҳақда Жаҳон ахборот агентлиги хабар берган.

Унда 2016 йилнинг 4 декабрида Ўзбекистонда Конституцияга мувофиқ равишда Президент сайловларининг бўлиб ўтиши покистонлик ўқувчиларга маълум қилинган.

Мақолада “Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мамлакат Президенти сайловига тўртта партиядан кўрсатилган номзодлар иштирок этиши келтириб ўтилган. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси мамлакат Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Сарвар Отамуратов, «Адолат» социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз етакчилари Наримон Умаров ва Ҳотамжон Кетмонов номзодларини мамлакат Президенти лавозимига номзод сифатида илгари сургани” қаламга олинган.

Таъкидланганидек, Марказий сайлов комиссияси сайловларни ўтказиш бўйича ташкилий масалаларга, сайловчилар рўйхатини тузиш ҳамда округ сайлов комиссияларини шакллантиришга аллақачон киришган.

“Dispatch News Desk” мазкур мақолада Ўзбекистон кўп партияли демократик мамлакат ҳисобланишини алоҳида қайд этган.

Кўпроқ янгиликлар