Россия президенти Владимир Путин Истанбулда бўлиб ўтаётган халқаро энергетика конгрессидаги нутқида Россия ОПЕК давлатлари томонидан нефть қазиб олишни чеклашни қўллаб-қувватлашини ва бу чораларга қўшилишга тайёрлигини айтди.

"Россия нефть қазиб олишни чеклаш бўйича биргаликдаги чораларга қўшилишга тайёр ва бошқа нефть экспортчиларини ҳам бунга чорлайди. Биз ОПЕКнинг қазиб олишга лимитларни чеклаш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз ва ОПЕКнинг ноябрдаги йиғилишида бу ташаббус амалий келишувларга айланади, деб ишонамиз", деб айтди Путин.

"Юзага келган вазиятда нефть қазиб олиш ҳажмини музлатиш ёки ҳаттоки камайтириш бутун дунё энергетикаси барқарорлигини сақлаб қолиш учун ягона тўғри қарор деб ҳисоблаймиз", деб қўшимча қилди Россия президенти.  

Путиннинг фикрича, углеводородлар даври ниҳоялаётгани ҳақида гапиришга ҳаққоний асослар йўқ.

Сентябрь охирида ОПЕК давлатлари нефть олиш ҳажмини бироз камайтиришга келишиб олишганди. Нефть қазиб олиш ҳажми кунига 32,5-33 млн баррель миқдорида чекланган. Ҳозир ОПЕК давлатлари кунига 33,24 млн баррель нефть қазиб олишмоқда.

ОПЕКнинг бу қарори ортида нефть нархи 5 фоиздан кўпроққа қимматлади.