Coca-Cola ва PepsiCo компаниялари ўз манфаатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШнинг 96 та тиббиёт ташкилоти билан тил бириктирган. Бундай хулосага Бостон университети мутахассислари Дэниел Аарон ва Михаэл Зигел томонидан тайёрланган тергов натижаларига кўра келишди. Бу ҳақда American Journal of Preventive Medicine нашрига иқтибос келтирган ҳолда Rambler News Service хабар бермоқда. 

Хусусан, 2011 йилдан 2015 йилгача Coca-Cola Company ва PepsiCo компаниялари соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳисоб рақамларига пул ўтказганлари аниқланди. Бу ташкилотлардан кўпчилиги семиришга қарши кураш билан шуғулланадилар.

Шунингдек, ушбу давр давомида компаниялар соғлиқни сақлаш соҳасидаги 29 та, жумладан ортиқча вазнга қарши курашиш ва ширин газланган ичимликлар истеъмолини камайтиришга қаратилган қонун лойиҳаларига қарши овоз беришни қўллаб-қувватлашган. 

Тергов натижаларига кўра, Coca-Cola бу мақсадда 2011-2014 йилларда 6 млн доллар, PepsiCo эса 3 млн доллар сарфлаган. 96 та ташкилотдан 12 таси иккала компаниядан ҳам, биттаси фақатгина PepsiCo’дан ва 83 таси Coca-Cola’дан маблағ олиб турган.

Таъкидланишича,  Coca-Cola ҳомийлик маблағларини олувчи компаниялар рўйхатини маълум қилган, PepsiCo эса бундай қилмаган.