Трамп ва Клинтон дебатлар олдидан бир-бирларини совуқ қаршилашди

Жаҳон 10 Октябрь 2016 5678
Фото: AFP

АҚШ президентлиги учун сайловда асосий номзодлар бўлмиш демократ Ҳиллари Клинтон ҳамда республикачи Дональд Трамп Миссури штати, Сент-Луисда ўтказилган иккинчи теледебатни бир-бирининг қўлини дўстона сиқмаган ҳолда бошлашди.

Сиёсатчилар саҳнада бир вақтда пайдо бўлишди ва бир-бирига навбат бермасдан йиғилганларга бир вақтда салом беришди.

Қайд этиш керакки, 26 сентябрь кунги илк дебатни Трамп ва Клинтон бир-бирининг қўлини дўстона сиқиш билан бошлашганди.

Бу сафарги дебат Трампнинг можаролар гирдобида қолиш фонида рўй берди. 7 октябрь куни унинг 11 йил олдин аёлларни ҳақоратлаб айтгани ёзилган аудио эълон қилинди. Шундан сўнг, бир қатор республикачи сиёсатчилар ундан номзодини қайтариб олишни сўрашди.

Трамп ўзининг нутқини 11 йил аввал аёллар шаънига айтган номақбул сўзлари учун кечирим сўрашдан бошлади.

"Бу эркаклар хонасидаги суҳбат бўлганди. Мен бу ишимдан фахрланмайман. Мен бу учун рафиқам, барча америка халқидан узр сўрайман", деб айтди Трамп.

Яқинда АҚШ ОАВ Трамп иштирокидаги 11 йил аввалги видеоёзувни чоп этганди. Унда миллиардер аёллар шаънига нисбатан ҳақоратомуз сўзлар айтгани тасвирланган. Бунинг оқибатида юзага келган можародан кейин Трамп ўшандаги сўзлари учун оммавий тарзда узрини келтирди.

Кўпроқ янгиликлар