Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 1 октябридан Paris Expo Porte de Versailles ҳашаматли кўргазмалар марказида Париж халқаро автосалон ўз ишини бошлади. У, дунёдаги энг кўп томошабин ташриф буюрувчи автокўргазма ҳисобланади. 

123 минг квадрат метрлик майдонда жаҳоннинг PSA, Renault, Audi, BMW, Mercedes-Benz, Hyundai, Porsche, Land Rover, Volkswagen, Skoda, Isuzu Motors каби компаниялари ўзларининг янги маҳсулотларини томошабинлар эътиборига ҳавола этган. 

Мутахассисларнинг фикрича, бу йилги Париж автосалонининг ўзига хос жиҳати электромобилларнинг кўплигида бўлган. Тахминларга кўра, бу йилги автосалонга 1 миллиондан ортиқ инсон ташриф буюриши кутилаяпти. 

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси ҳам автомобиль ишлаб чиқариш саноатини ривожлантираётган дунёнинг 28 давлати орасида ўз ўрнига эга. Бугунги кунда, мамлакат автосаноати маҳсулотлари жаҳоннинг 15дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда. 

Дунёдаги айрим етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияларнинг «Жаҳон» ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистонда бу соҳанинг ривожланиш суръатларига юқори баҳо берган. 

Хусусан, Isuzu Motors компаниясининг Европа мамлакатлари бўйлаб вакиллиги раҳбари Тору Макинуши, Париж автосалонида иштирок этаётган ўзбекистонликларни олқишлаган ва Ўзбекистон аҳлини Республика мустақиллигининг 25-йиллиги билан қутлаган. 

Унинг сўзларига кўра, бу йил Isuzu Motors компанияси ҳам ўзининг юбилей санасини нишонламоқда. 2016 йилда компания асос солинганига 100 йил бўлади. Макинуши Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишнинг ажойиб тажрибага эга эканини қайд этар экан, ўзбек истеъмолчиларининг Isuzu Motors компанияси маҳсулотларини танлаётганига ташаккур билдирган.

Ўз навбатида Opel автоконцернининг Европа мамлакатларида коммуникациялар бўйича директори Жо-Филипп Кемпе Париж автосалонида иштирок этаётган ўзбекистонликларни олқишлаб, гарчи республика автомобиль ишлаб чиқарувчи мамлакатлар сафига қўшилганига унчалик ҳам кўп бўлмаганига қарамай, бу соҳада катта муваффақиятлар қозонганини таъкидлаган. 

Суратлар: 1news.uz