Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ўтказилган Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 6 олтин, 3 кумуш ва 11 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз дзюдо федерацияси, Халқаро дзюдо федерацияси, қатор вазирлик ва ташкилотлар билан  ҳамкорликда тўртинчи бор ташкил этилган нуфузли мусобақада дунёнинг йигирмага яқин давлатидан 135 спортчи ўн тўрт вазн тоифасида совринли ўринлар учун курашди.

Вазни 60 килограммгача бўлган дзюдочилар баҳсида Муҳриддин Тиловов россиялик Саян Хертек, қирғизистонлик Отар Бестаев, қозоғистонлик Бауржан Жаунтаев ва словениялик Матиаз Трбовични енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Ушбу вазнда қатнашган Шарофиддин Лутфуллаев учинчи ўринни эгаллади. 

Вазни 73 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги ҳал қилувчи беллашувда Мирзоҳид Фармонов ва Ғиёсжон Бобоев ўзаро куч синашди. Финалга қадар Мирзоҳид озарбайжонлик Мушфиқ Юсубов, словениялик Мартин Хожак ва россиялик Вали Куржевни енгган, Ғиёсжон эса қозоғистонлик Елдос Жумаканов ва озарбайжонлик Ҳидоят Ҳайдаровни мағлубиятга учратган. Икки спортчимиз ўртасидаги ҳал қилувчи беллашув Мирзоҳиднинг ғалабаси билан якунланди. Ғиёсжон эса кумуш медални қўлга киритди. Ушбу вазн тоифасида қатнашган яна бир спортчимиз Мусо Собиров эса бронза медаль билан тақдирланди.

Вазни 81 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида Давлат Бобонов қозоғистонлик Ерназар Хамзин, қирғизистонлик Владимир Золоев, озарбайжонлик Руфат Исмоилов ва япониялик Хаято Ватанабени енгиб, турнир ғолиби бўлди.

Вазни 90 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида Яҳё Имомов олтин, Давронбек Сатторов кумуш, Муҳаммадкарим Хуррамов бронза медални қўлга киритди.

100 килограммгача оғирликдаги спортчилар беллашувида Сойиб Қурбоновга тенг келадиган рақиб топилмади. Эркин Дониёров шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Вазни 100 килограммдан оғир бўлган полвонлар ўртасида Болтабой Болтаев бронза медаль билан тақдирланди.  

Хотин-қизлар ўртасида вазни 70 килограммгача бўлган дзюдочилар баҳсида Гулноза Матниёзова барча рақибини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Ўз вазн тоифасида Диёра Келдиёрова кумуш, Нодира Гулова, Муқаддас Кубеева, Гулойим Жумабоева, Санобар Султонова, Кумуш Йўлдошева ва Раҳима Йўлдошева бронза медалини қўлга киритди.