Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси орқали ИИВга келиб тушган барча мурожаатларнинг 40 фоизини прописка масаласи ташкил этади

Ўзбекистон 11 Октябрь 2016 37686
Фото: UZ24

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида қонун ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ички ишлар вазирлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов билан суҳбатлашди

– Фуқароларнинг Ички ишлар вазирлигига, соҳавий хизматларимизга мурожаат қилишлари учун барча шарт-шароит яратилган, – дейди И.Турғунов. – Аҳоли тизимимизга хат, интерфаол усул ва ишонч телефонлари орқали бемалол ўзлари дуч келган муаммо ва масалалар бўйича мурожаат қилиши мумкин. 

Қонун талабларидан келиб чиқиб вазирлик тизимида мурожаатлар билан ишлаш соҳасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳадаги ишларни янада яхшилаш мақсадида 2016 йил бошида вазирликнинг “2016-2017 йиллар давомида ички ишлар органларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси” қабул қилинган. Уни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. 

Белгиланган вазифалар ижроси доирасида мурожаатлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Электрон, оғзаки ва ёзма мурожаатларни кўриб чиқиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. 

– Ички ишлар идораларида электрон мурожаатлар билан ишлаш қандай йўлга қўйилган? 

– Ички ишлар вазирлигининг www.mvd.uz сайти орқали фуқароларга ўндан ортиқ интерфаол хизматлар кўрсатилмоқда. Сайт Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланган. Аҳоли мазкур портал орқали ёки сайтимизда кўрсатилган бошқа имкониятлар орқали бизга мурожаат қилиши мумкин. Унда ишонч телефонлари ва вазирлик электрон манзили кўрсатилган. 

Фуқаро ва юридик шахсларга қулайликлар яратиш мақсадида вазирлик марказий аппаратининг бевосита мурожаатлар билан ишловчи асосий соҳавий хизматлари, яъни шахсий таркиб билан ишлаш хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тергов бош бошқармалари, хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталига тўлиқ уланган. 

Бу билан фуқаро ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғридан-тўғри ушбу соҳавий хизматлар томонидан қабул қилиниши йўлга қўйилган. 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами тўрт мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. 

Бундан ташқари, ички ишлар вазирлиги раҳбарияти қабулига фуқаро ва юридик шахсларга “электрон навбат”га ёзиш орқали интерактив хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилган. 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида 185 фуқаро ушбу хизмат ёрдамида вазирлик раҳбарияти томонидан қабул қилинди. 

Тошкент шаҳрининг барча туман ИИБларининг хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида биометрик паспортни расмийлаштириш учун фуқароларнинг аризаларини электрон тарзда қабул қилиш ва навбатга қўйиш тизими жорий этилди. 

– Ўзбекистон ҳукумати порталида очилган мамлакат Бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали тушаётган мурожаатларда Ички ишлар вазирлигига тааллуқли саволлар ҳам бўлиши табиий. Бу мурожаатлар билан ишлаш қандай ташкил этилмоқда? 

– Вазирлигимизда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар билан ишловчи махсус бўлим ташкил қилинди. Бўлим зарурий техник воситалар билан тўлиқ таъминланди ва унинг фаолияти алоҳида назоратга олинди. Келиб тушаётган мурожаатларнинг тез ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида улар фақат вазирликнинг марказий аппарати томонидан кўриб чиқилиши йўлга қўйилди. 

ИИВнинг барча марказий соҳавий хизматларига виртуал қабулхона орқали келиб тушган ҳар қандай мурожаат бўйича шахсан биринчи раҳбарнинг масъуллиги белгиланди. Соҳавий раҳбарга ариза бўйича тўлиқ ва сифатли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш вазифалари юклатилган. 

Виртуал қабулхона орқали Ички ишлар вазирлигига жами 3,5 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Уларнинг 40 фоизи прописка, биопаспорт олиш ва фуқаролик масалаларига тааллуқли. Мурожаатларнинг 80 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳри ҳамда Андижон, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келади. 

Бундан ташқари, мурожаатларнинг маълум қисмини ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан, фуқароларга нисбатан содир этилган ўғирлик, фирибгарлик, шунингдек, тергов ҳаракатларини амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлар, профилактика инспекторлари фаолияти йўналишида, ички ишлар органларига ишга кириш ва қайта тиклаш ҳамда шу каби бошқа масалалар ташкил этаётир. 

Ички ишлар вазири томонидан ушбу йўналишдаги барча тадбирлар алоҳида назоратга олинган, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланади. 

Ички ишлар органларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ мурожаатлар ҳамда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)дан келган ҳар бир ариза ва шикоят вазирлик раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олинган. Бироқ кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ҳанузгача мурожаатлар билан ишлашда ходимларимиз томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари мавжуд. Жумладан, ариза ва шикоятларни тўлиқ ва сифатли кўриб чиқмаслик, аризачига текширув ва кўриб чиқилган ҳолат юзасидан асослантирилган жавоб хатларини юбормаслик, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш муддатларига амал қилмаслик каби салбий ҳолатлар учраб турибди. 

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш даврида Ички ишлар вазирлигининг ички идоравий назорат тизими орқали аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда. Ўтказилган текширувлар жараёнида аниқланган ҳар қандай салбий ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилиб, айбдор ходим ва унинг раҳбарларига тегишли чоралар кўрилаётир. 2016 йилнинг 9 ойида мурожаатлар билан ишлаш жараёнида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 200 нафардан ортиқ ички ишлар органлари ходими турли интизомий жавобгарликка тортилди. 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Кун янгиликлари
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 8821 Ўзбекистон
«Биринчи зарбада тиззаларигача, иккинчи зарбада белларигача». Лотин ва кирилл атрофидаги гаплар
17:30 / 16.08.2017 42998 Ўзбекистон
Дори қути ортига яширинган сир: тиббиётдаги яна бир "ўйин” фош этилди
17:20 / 16.08.2017 69431 Ўзбекистон
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 40163 Lifestyle
50 минг сўмлик купюра чиқиши инфляцияга таъсир кўрсатадими? Экспертлардан баҳсли фикрлар
КХДР Хитойдан озиқ-овқат маҳсулотлари импортини бир неча баробарга оширди
14:48 321 Жаҳон
Африканинг энг бой одами АҚШ ва Европага 50 млрд доллар сармоя киритади
14:46 938 Жаҳон
Камқонликда озиқланишнинг уч қоидаси 
14:26 2706 Жамият
Мирзиёев Қозоғистон мудофаа вазири билан ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилди
Януковичга давлат томонидан тақдим этилган адвокат уни ҳимоя қилишдан бош тортди
13:32 2192 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар