Буюк Британиянинг Мейдстон шаҳрида Domino’s Pizza пицца ресторанлари тармоғи пиццани каноэда етказиш хизматини йўлга қўйди. Бу ҳақда The Daily Mirror нашри хабар бермоқда. 

Пиццалар уларнинг сувга тушиб кетиши мумкинлиги сабабли махсус чўкмайдиган ва сув ўтмайдиган сумкаларда етказилади. Курьерлар ҳам гидрокостюмлар ва қутқарув нимчалари билан таъминланадилар. Ҳозирча бу хизмат Кент графлигидаги Луз дарёсида йўлга қўйилди.

Бу хизматдан фойдаланган биринчи мижоз уйи сув билан ўралган Дэбби Хэйс бўлди. Аёл аввал бу борада мураккабликларга дуч келарди, чунки унинг уйига қуруқликдан бориб бўлмасди. Тармоқ аввалроқ пиццаларни дронлар, автобус ва поездларда етказишнинг усулларини амалга оширганди.

Март ойида Янги Зеландия пойтахти кўчаларида пицца етказиб берувчи ноодатий курьер пайдо бўлиши маълум бўлганди. Мамлакат ҳукумати ва Domino's Pizza буюртмани мижознинг уйи эшигича етказиб берувчи тўрт ғилдиракли DRU роботини синовдан ўтказишни бошлаган.