9 октябрда Исроилдаги Бен Гурион номидаги аэропортга иудаизмга эътиқод қилувчи эфиопиялик 63 фуқаро келтирилди. Бу фалашмура ёки "қора яҳудийлар" умматидан келтирилган биринчи вакиллар бўлди. Улар жами 6 мингдан 9 минггачани ташкил қилиб, Исроил уларни охирги вақтлар тартибсизликлар гирдобида қолган Эфиопиядан қайтармоқчи. Йил охиригача бу умматнинг 1300 аъзосини Исроилга олиб чиқиш режалаштирилмоқда. 

Исроилнинг бундай хавотирига 6 октябрда Эфиопиянинг Гондар шаҳридаги тўқнашувларда фалашмура уммати аъзоси Вета Чекланинг ҳалок бўлиши сабаб бўлди. Чекла Исроилга қайтарилишга навбатда турган бўлган ва "Кичик Эфиопия" яҳудий сайти Исроилни улар "репатриантларни тана рангига қараб саралаётгани" сабабли репатриацияни (ватанга қайтариш) чўзишда айблади. 

8 октябрда "Исроил халқаро насронийлик элчихонаси" ташкилоти Эфиопиядан 523 яҳудийни қайтаришни молиялаштиришга тайёрлигини билдирган ва бу мақсадлар учун ярим миллион доллар ажратишга ваъда берган. Бу ҳолат репатриация масаласини "қотган жойидан" силжитишга омил бўлди, чунки Исроил ҳукумати анчадан бери репатриация учун бюджет маблағларини ажратиш бўйича келиша олмаётганди. 

Фалашмура анчагина ўзига хос этно-диний гуруҳ бўлиб, қадимда Эфиопияга бориб қолган яҳудийлар авлодлари ва иудаизмни қабул қилган эфиопияликлар унинг аъзолари ҳисобланадилар. Раввин суди уларни ватанга қайтарилиши керак бўлган тўлақонли яҳудийлар деб тан олгач, улардан аксарияти 1984-1985 йилларда Исроилга олиб чиқиб кетилган. 

Бироқ 5 мингга яқин фалашлар Эфиопиянинг қадимги пойтахти Гондарда қолиб кетгандилар. Уларнинг репатриация масаласи Исроилда бир неча бор кўтарилган. 2015 йилда Исроил вазирлар маҳкамаси уларни репатриация қилиш бўйича тегишли қарор қабул қилган, бироқ бу мақсадлар учун маблағларнинг йўқлиги сабабли иш жойидан қўзғалмай турган.