Канададаги коллежлардан бирида биология фанидан ўтган  имтиҳонларда талаба қиздан ҳижобини ечиш сўралди. Бунинг боиси қизнинг имтиҳон вақтида қулоқчинлардан фойдаланаётган ёки йўқлигини билиш билан изоҳланган. Талаба педагогнинг илтимосини бажаришдан бош тортган ва имтиҳондан ҳайдалган. Бу ҳақида The Independent нашри маълум қилди. 

— У ўқитувчига қулоқларини кўрсатишдан бош тортди, - дейди қиз таҳсил олувчи College de Maisonneuve коллежи вакили Лин Легар. 

Легарнинг сўзларига кўра, қиз педагогнинг илтимосига жавобан ҳижобнинг устидан унинг бошини ушлаб, қулоқчинлар бор ё йўқлигини текшириб кўришни таклиф қилган. Бироқ (эркак) педагогни бундай вариант қониқтирмаган ва у талаба қиздан имтиҳонни тарк этишни сўраган. 

Талаба қизнинг ўзи бу борада расман шикоят қилмаган, лекин коллеж раҳбарияти биология фани бўйича тест синовларини бошқа кунга кўчиришга келишишмоқда. 

Квебек бош вазири Филипп Куйяр ўқитувчини ҳимоя қилди. У ҳукумат диний қарашлар намойишини бошқаришга доир қонун лойиҳасини илгари сургани, шу боис рўмол ўраш каби диний масалалар муҳокамага қўйилишини маълум қилди. 

Канаданинг Квабек провинцияси аҳолиси учун мусулмонларнинг бош кийими анчадан бери жиддий муаммога айланган -  манбага кўра, квабекликлар террорчилик таҳдиди ва ёшларнинг радикаллашувидан хавфсирашмоқда.