АҚШнинг Руминия ва Польшада РҚМ тизимларини жойлаштириши Ўрта ва қисқа масофаларга учувчи ракеталар бўйича шартнома бандларини бузади. Бу ҳақда, Россия Бош штаби Бош оператив бошқармаси раҳбари биринчи ўринбосари Виктор Познихир баёнот берган.
 
Познихирнинг изоҳ беришича, гап универсал Мk.41 кема учирувчи қурилмалари ҳақида бормоқда. Улар, Standard SM-3 ракеталарга қарши воситалардан ташқари, узоқ масофага уча оладиган Tomahawk қанотли ракеталарини учиришга имкон беради. Руминия ва Польшадаги РҚМ базаларида эса айнан ушбу ускуналар ўрнатилади. 

«Қанотли ракеталарни кемалардан учиришда қўлланиладиган ускуналарнинг қуруқликда жойлаштирилишининг ўзи АҚШ томонидан ўрта ва қисқа масофаларга учувчи ракеталар тўғрисидаги шартномани бузилишини англатади», — деб таъкидлаган Бош штаб мулозими. 

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг деярли барча Европа ҳудуди Америка қанотли ракеталари зарбасига учраши мумкин. «Бунда Европа ва РҚМ кемаларидаги Мk.41 ускуналарини Tomahawk қанотли ракеталари билан жиҳозлаш ишлари қисқа муддатда ва яширин тарзда амалга оширилиши мумкин», — деган Познихир.

Хусусан, Руминиянинг Девеселу туманида Aegis Ashore (Ижис Эшор) ускуналарини қуриш ишлари 2015 йил майида якунланган эди. Ўша йилнинг декабрь ойида ундан тўлиқ фойдаланиш мумкин эди. Яна битта худди шундай иншоот Польша шимолидаги Редзиково туманида барпо этилмоқда. У 2018 йилда тайёр бўлади. 

Aegis Ashore кемаларга ўрнатилувчи Aegis тизимининг қуруқликка ўрнатиладиган намунасидир. Ерга ўрнатиладиган ва тўрт қаватли уй баландлигига мос келувчи 900 тонналик ускуна ракеталарни учириш универсал қурилмасига эга.