Россия ва Туркия "Турк оқими" газ қувурини қуриш бўйича ҳукуматлараро келишувни имзолади. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда

Келишувга икки давлат раҳбарлари Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўған кўз ўнгида Россия энергетика вазири Александр Новак ва Туркия энергетика ва табиий захиралар вазири Барат Албайрак имзо қўйдилар.

Путиннинг айтишича, лойиҳани муҳокама қилиш давомида Москва ва Анқара Туркияга газга чегирма беришга келишиб олдилар. Эрдўған ўз навбатида "Турк оқими" бўйича ишлар тезлаштирилишини айтди.

Аввалроқ "Газпром" раҳбари Алексей Миллер маълум қилгандек, ушбу келишув Қора денгиз остидан магистрал газ қувурининг иккита қувурини қуришни кўзда тутади. Уларнинг ҳар бирининг қуввати 15 млрд куб метр газдан ошади.

Биринчи қувур орқали газ фақатгина туркиялик истеъмолчиларга етказилади, иккинчи қувур эса Европа бозорига мўлжалланган. Бироқ иккинчи қувурнинг қурилиши Европа Иттифоқининг тегишли кафолатлари олингандан кейингина амалга оширилади.

Келишувга кўра икки қувур 2019 йил охиригача қуриб битказилади.