Samsung компанияси Galaxy Note 7 смартфонининг дунё миқёсидаги сотувлари, шунингдек қурилмани ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бу ҳақида компания расмий сайтида хабар берилди. 

10 октябрда Galaxy Note 7 смартфонини ишлаб чиқариш тўхтатилиши ҳақида маълум қилинганди, бироқ бундан бир неча соат ўтиб, компания қурилманинг бутун дунёдаги сотувлари ҳам тўхтатилиши ҳақида эълон қилди. Бундан ташқари, нуқсонли Galaxy Note 7 смартфонлари худди шу моделнинг янги қурилмаларига алмаштирилмайди. 

Компанияда Samsung учун фойдаланувчилар хавфсизлиги биринчи ўринда эканлигига яна бир бор урғу берилди. Шунингдек Samsung ходимлари компания қурилмалари ёниб кетган янги ҳолатларни ўрганишга киришганини таъкидлашди. 

"Galaxy Note 7 смартфонининг биринчи версияси ва Galaxy Note 7 алмаштирилган версияси эгалари ўз қурилмаларини ўчириб қўйиб, унинг алмаштирилган вариантларидан фойдаланишлари керак ёки смартфонни харид қилган жойларидан пулларни тўлиқ қайтариб олишлари мумкин бўлади".

Samsung баёнотидан