Саудия Арабистонида яшовчи Абу Син исмли ўсмир YouNow чатида америкалик қиз билан онлайн-мулоқот қилганлиги учун 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилади. Бу ҳақида The Washington Post нашри хабар берди. 

Манбага кўра, вояга етмаган мактаб ўқувчиси Калифорния штатида истиқомат қилувчи 21 ёшли Кристина Крокетт билан интернет орқали боғланган ва унга ҳазил қилиб, турмушга чиқишни таклиф қилган. Бунга жавобан қиз бармоғига никоҳ узуги расмини чизган ва ўсмирга муҳаббат изҳор қилган. Шундан сўнг улар яна бир неча марта видеоалоқа орқали суҳбатлашишган. Қиз бу видеосуҳбатларни YouTube каналига юклаган. 

Бунинг натижасида Саудия Арабистонининг диний полиция ходимлари Абу Синни ахлоқсиз хатти-ҳаракатлари учун ҳибсга олишган. Уни диний ва ахлоқий қоидаларга зид ҳаракатлар қилиш ҳамда мамлакат аҳолиси ҳақида салбий фикрлар шакллантиришда айблашган. Эндиликда ўсмир суд олдида жавобгарликка тортиладиган бўлди.