Жанубий Қозоғистон вилояти акими (ҳокими) Жансеит Туймебаев Қозоғистонга ташриф буюрган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Розуқулов билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда аким матбуот хизмати.

Таъкидланишича, музокаралар вақтида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган ҳамда савдо айланмасини тартибга солиш бўйича келишувга эришилган.  

Бундан ташқари, давлатлар Жанубий Қозоғистон вилоятида икки давлат чегарасида савдо ҳудуди ва амалий алоқаларни мувофиқлаштириш учун махсус ишчи гуруҳ яратишга келишиб олишди. Жорий йилга белгиланган  тадбирлар доирасида Чимкентда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларининг кўргазмаси ўтказилади. 

Розуқулов ташриф вақтида вилоятда бизнесни юритишнинг имкониятлари билан танишди.

Хусусан, ўзбекистонлик меҳмонларга "Химфарм", "Kaz Kioti" трактор заводининг ишлаш жараёни кўрсатилган. Бундан ташқари, делегация таркибига кирган ўзбекистонлик тадбиркорлар трактор заводи билан шерикчилик алоқаларини ўрнатиш истагини билдирдилар.