Ўзбекистонда 2016 йил 11 октябрдан фалокатларнинг олдини олиш салоҳиятини кучайтириш бўйича махсус дастур амалга оширила бошланди. 

Ушбу дастур Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукуматининг қўшма лойиҳаси бўлиб, Япония ва Жаҳон банкининг ривожланаётган мамлакатларда табиий офат эҳтимолларига оид бошқарувни жорий қилиш дастури доирасида молиялаштирилади. Молиялаштириш ишларини бевосита Табиий офатлар хавфини камайтириш ва тиклаш глобал фонди амалга оширади. 

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукуматига Банк томонидан республикадаги табиий офатларга қарши салоҳиятни мустаҳкамлаш Дастури учун техник кўмак кўрсатилади, деб ёзмоқда uzdaily.uz сайти.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг яқин икки ярим йилда табиий офатлар эҳтимолларини бошқариш соҳасидаги салоҳиятини ошириш, давлат иншоотлари учун сейсмик хатарларни баҳолаш, инқироз вақтидаги бошқарув тизимини мустаҳкамлаш ва табиий офатларнинг молиявий оқибатларини баҳолаш, молиявий хатар турларини тушунишни яхшилашга ёрдам беради. 

Дастурни ҳаётга татбиқ этиш – Ўзбекистон ҳукуматининг давлат иншоотлари инфратузилмаларига сейсмик хавфларни камайтиришга қаратилган муҳим йўналишларини аниқлаш ва режалаштириш бўйича ҳаракатларига оид салоҳиятини кучайтириш, шунингдек, фавқулодда ҳолатларга шай туриш ва фавқулодда хизматларни такомиллаштиришига ёрдам беради. 

Ўзбекистонда барча табиий офатлар орасида зилзила жиддий иқтисодий талофатлар етказиши мумкин бўлган хатардир. Мамлакат аҳолисининг ва иқтисодий иншоотларнинг ярми сейсмик ҳудудларда жойлашган. 

Жаҳон банкининг яқинда ўтказган тадқиқотларига кўра, Ўзбекистон Республикасида йилига камида 1млн киши турли кучдаги ер силкинишидан азият чекади. Натижада мамлакат ЯИМнинг ўртача 3,2 фоизини бой беради. Хавфли табиий ҳодисалар, жумладан зилзила инсонлар ўлимига сабаб бўлиши билан Ўзбекистоннинг ривожланиш соҳасидаги эришган ютуқларига таъсир кўрсатади.