АҚШ интернет тармоқларида янги видео тарқалди, унда ўқитувчи аёл ўқувчи қизнинг сочидан ушлаб, бир неча метр судраганини кўриш мумкин. Жабрланувчи -  ривожланишда тенгдошларидан орқада қолган қиз. Бу ҳақида insideedition.com нашри хабар берган. 

Миссисипи штатидаги мактабда ўқувчилар ногирон қизга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлган ўқитувчини тасвирга туширишди. Видеода жисмоний тарбия дарсида ўқитувчи ўқувчи қизни полга ўтказиш учун бир неча маротаба сочидан тортганини кўриш мумкин. Қиз ўрнидан турмоқчи бўлганида аёл уни яна сочидан тортиб, бир неча метрга судрайди. 

Мазкур видеони Киша Уильямс (воқеа содир бўлган мактаб ўқувчиларидан бирининг онаси) исмли фойдаланувчи ўзининг фейсбукида намойиш этган. Уильямснинг сўзларига кўра, ўқитувчи шафқатсизларча муносабатда бўлаётган қиз нутқ бузилишидан азият чекади. 

"Бу видеони кўриб йиғлаб юбордим. Қизнинг бошқалардан ажралиб туришининг ўзиёқ мени қуюшқондан чиқариб юборди", - деди Киша Уильямс. 

Уильямс қизидан нима учун ўқитувчиси бундай қилганлигини сўраганида, "у доим шундай қилади, ёмон аёл" деган жавобни олган.

Ўқитувчига нисбатан қандай чоралар кўрилиши - ҳозирча номаълум, бироқ мактаб маъмуриятининг маълум қилишича, полиция мазкур иш юзасидан терговга киришган.