Анқарада турк ҳарбийларининг Ироқда қолишига доир изоҳ берилди

Жаҳон 12 Октябрь 2016 4137
Фото: © AFP

Турк ҳарбийлари Ироқ шимолидаги лагерда қанча керак бўлса, шунча қоладиган бўлишди. Бу ҳақида Туркия бош вазир ўринбосари Нўъмон Куртулмуш маълум қилди. 

Ироқ парламенти бундан аввал турк ҳарбийларининг Мўсул остидаги Башик туманида қолишига қарши норозилиги ифодаланган резолюцияни қабул қилганди. Парламентарийлар Ироқ ҳукуматидан зарур юридик ва дипломатик чоралар кўришни талаб қилишди, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг қайта кўриб чиқилиши ҳам шулар жумласига киради. 

Туркия ТИВ бу резолюцияни қоралади. Бош вазир Бинали Йилдирим турк ҳарбийларининг Ироқ шимолидаги Башик лагерида қолишини маълум қилди. Ўз навбатида, Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абадий турк ҳарбийлари унинг мамлакатида ўзларини "уйдаги каби" тутмасликлари кераклигини таъкидлади. 

"Турк ҳарбий инструкторлари Ироқ шимолидаги Башик лагерида қонунга мувофиқ жойлаштирилган. "Туркия ёрдамига эҳтиёж бор экан, ҳарбийларимиз ўша ерда бўлиб туришади... Улар Башикда ИШИД билан курашиш ҳамда Мўсул аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида фаолият олиб боришмоқда", - деди Куртулмуш Anadolu нашрига берган интервьюсида. 

Унинг сўзларига кўра, Мўсулни ИШИДдан озод қилиш масаласи бир неча йиллар аввалоқ долзарб бўлиши керак эди. 

"Мўсулни озод қилишга доир чақириқларнинг айнан бугун жаранглаётгани бизда муайян мулоҳазаларни келтириб чиқаради. Ҳойнаҳой, Ироқ бош вазирига хориждан таъсир ўтказиляпти", - деди Туркия бош вазир ўринбосари.

У Ироқ ҳукуматини "бир террорчи гуруҳ билан курашда иккинчисидан фойдаланиб, хато қилмаслик"ка чақирди. 

Катталиги бўйича Ироқда иккинчи ўринда турувчи Мўсул шаҳри 2014 йилда террорчилар томонидан қўлга олинган ва у ҳозирга қадар уларнинг таянч маркази бўлиб қолмоқда. Ироқ ҳарбийлари ва уларнинг иттифоқдошлари ҳал қилувчи ҳужумга тайёргарлик кўришда давом этишмоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бундан аввал Мўсулни ИШИДдан озод қилиш операциясининг 19 октябрга режалаштирилгани ҳақида маълум қилганди. 
 

Кўпроқ янгиликлар