Буюк Британиянинг Брэдфорд шаҳрида бошланғич католик мактабида таълим олувчи ўқувчига ўқитувчиси хайфсан эълон қилган. Бундан боланинг шу қадар жаҳли чиққанки, у ўч олишни режалаштириб, мактаб биносига ўт қўйган. Ёнғиндан кўрилган зарар тахминан 1 миллион фунт стерлингни ташкил қилди. Бу ҳақида Daily Mail хабар берди

Брэдфорд шаҳрида ўқитувчисидан танбеҳ олиб, ўз ғазабини жиловлай олмаган бошланғич синф ўқувчиси бир қути гугурт билан мактаб омборидаги қоғозлар уюмини ёқиб юборган. 

Ўт ўчирувчилар анчагача ёнғинни бостира олишмаган. Бунинг натижасида бир неча синф хоналари ва мактаб биносининг бошқа қисмлари ёниб кетган. 

Маҳаллий суд прокурори Ҳизер Гилмор ўқув муассасасининг 1 миллион фунт стерлингдан ортиқроқ зарар кўрганини маълум қилди. 

Мазкур ҳодиса юзасидан ҳеч ким жабр кўрмади, аммо ёнғин содир бўлган куни ўқувчилар дарссиз қолишди. Баъзилари эса руҳий жароҳат олишгани таъкидланди. Судьянинг қарори билан ёнғин содир этган ўқувчи Ёшлар марказига 3 йиллик реабилитацияга йўлланди.

Шуниси қизиқки, судда болани "қобилиятли" деб атаб, унинг "ўзига қаратилган танқидни жуда оғир қабул қилиши"ни таъкидлашган. Прокурор ёнғин содир этилган вақтда боланинг стресс ҳолатида бўлганини қайд этган. 

Ушбу воқеа жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган, бироқ бу иш юзасидан эндигина қарор чиқарилди. Брэдфордда таълим олувчи ўқувчиларнинг ота-оналари ёш "жиноятчи"нинг реабилитация курсидан кейин уларнинг фарзандлари билан бир мактабда ўқиши мумкинлигидан хавотирга тушишмоқда. Бироқ экспертлар боланинг тўлиқ соғайганига ишонч ҳосил қилинмасдан, бирор бир мактабга қўйилмаслигини таъкидлашган.