ЕХҲТ Инсон ҳуқуқлари ва демократик институтлар бюроси Ўзбекистон президентлиги учун тўплаш зарур бўлган имзолар сонини умумий сайловчилар сонининг 5 фоизидан 1 фоизига туширилганини юқори баҳолади, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон МСК матбуот хизмати. 

МСК маълумотларига кўра, ЕХҲТ Инсон ҳуқуқлари ва демократик институтлар  бюроси миссияси билан бўлиб ўтган учрашувда, бюро экспертлари сайлов қонунчилигидаги ўзгаришларни юқори баҳолашган. Миссия мутахассислари 11-14 октябрь кунлари Республикадаги сайловолди жараёнини ўрганиб, Ўзбекистон ТИВ, Олий Суди, Адлия вазирлиги, парламент юқори палатаси, марказий ОАВ вакиллари ҳамда бошқа идоралар раҳбарлари билан учрашади. Миссия ўтказилган учрашувлар натижасига кўра, сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиш ёки этмаслик, унинг шакли, муддати ва сони хусусида қарор қабул қилади. 

" ЕХҲТ Инсон ҳуқуқлари ва демократик институтлар бюроси талабларни баҳолаш миссияси экспертлари МСКнинг округ сайлов комиссиялари учун онлайн семинар-тренинг ўтказилаётгани борасида ижобий фикрларни изҳор қилиб, сайлов комиссиялари аъзоларини ҳамда сайловчиларнинг ўзини бўлғуси сайловларга сифатли тайёрлаш муҳимлигини таъкидлашган", — дея хабар қилган МСК. 

Президентлик сайловларида номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо сонини камайтириш тўғрисидаги тузатишлар мамлакат парламенти томонидан тасдиқланиб, 2015 йил декабрида кучга кирган эди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти учун сайловлар 2016 йил 4 декабрида бўлиб ўтади.