Ироқда ИШИД жангариларининг портловчи моддалар жойланган дрондан фойдаланиши оқибатида икки нафар француз аскари жиддий жароҳатланган, деб хабар қилади Reuters агентлиги.

Бундан ташқари, курдларнинг «пешмерга» ҳарбий бўлинмасининг икки аъзоси қурбон бўлган. Франциянинг Le Monde нашри ёзишича, ҳужум 2 октябрь куни содир этилган.

Қайд этилишича, ҳарбийлар кичик дронни тутиб олишгандан сўнг, у портлаб кетган. Бунда портловчи мослама масофадан ишга туширилгани ёки таймер сабаб портлагани номаълум. 

Франция мудофаа вазирлиги, Ироқ армияси ва «пешмерга» курд бўлинмалари бу борада изоҳ беришганича йўқ. 

Сентябрь ойида «Аҳрор аш-Шом» гуруҳи ҳам Сурияда портловчи мослама ўрнатилган дронлардан фойдаланган эди.